Толиблар АҚШ Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланишида иштирок этишига рози

"Толибон" ҳаракати етакчисининг ўринбосари Сирожиддин Ҳаққонийнинг айтишича, толиблар АҚШ билан битим тузишдан олдин келишувнинг барча пунктларини бажаришга тайёрлигини билдиришган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. "Толибон" радикал ҳаракати АҚШ ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга ва тинчлик битими имзоланганидан сўнг уларга Афғонистоннинг урушдан кейинги тараққиётида иштирок этишига рухсат беришга тайёр.

Толибон АҚШга вақтинчалик сулх тузишни таклиф қилди

Бу ҳақда "Толибон" етакчиси ўринбосари Сирожиддин Ҳаққоний New York Times нашрига маълум қилди.

Ҳаққонийнинг айтишича, толиблар АҚШ билан битим тузишдан олдин келишувнинг барча пунктларини бажаришга тайёр эканликларини билдиришган.

Шунингдек, Афғонистондан чет эл қўшинлари чиқарилгач, мамлакатдаги турли ҳаракатлар республиканинг келажагини аниқлаб олиш учун ички музокараларни олиб борадилар. Агар бу жараёнда чет эл давлатлари иштирок этса, толиблар бунга қаршилик билдирмайди, деди Ҳаққоний.

"Биз мамлакатнинг янги инклюзив тизими ҳақида келишиб олиш учун бошқа томонлар билан маслаҳатлашув ва чинакам ҳурмат асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Янги тизим яратилишида ҳар бир афғонистонлик фикри инобатга олинади", - деб қўшимча қилди у.

Толибон АҚШ самолётини уриб тушириши мумкинми?

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Вашингтон ва "Толибон" радикал ҳаракати ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни февраль ойи охирида имзолаши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.

Ўтган йил давомида АҚШ ва толиблар Дохада саккиз раунд музокараларни ўтказишди. Томонлар тинчлик битими бўйича деярли тўлиқ келишувга борган бир вақтда толиблар томонидан содир этилган ва америка ҳарбийлари ўлимига сабаб бўлган теракт туфайли ҳужжат имзоланмай қолган эди.

Теракт тўғрисида хабар топган АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғи билан "Толибон" билан мулоқот тўхтатилди ва битим имзоланиши бекор қилинди, аммо уч ой ўтгач, музокаралар қайта тикланди.