Пахтачида яна бир тошдан олтин ажратиб олиш цехи фош этилди

Қўлга олинган шахслардан 237 дона қопларда маълум миқдорда олтин моддаси бўлган 4 тонна тоғ жинслари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik.  Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида олтин билан шуғулланиб келаётган яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Навоий комбинатидан 10 тонна руда ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Унда фуқаро Ж.У. ва бошқалар “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКга қарашли “Қорақўтон” тоғ тизмаси ҳудудидан таркибида қимматбаҳо олтин моддаси бўлган тош хом ашёсини ўғирлик йўли билан кавлаб олишгани аниқланган. Маълум бўлишича, улар қазилма бойликларни ўзлари ташкил этган яширин цехда қайта ишлаб, олтин моддасини ажратиб олишган ва ўз манфаатлари йўлида сотиш билан шуғулланиб келишган.

Ушбу ҳолатларга аниқлик киритилгач, қўлга олинган шахслардан 237 дона қопларда таркибида маълум миқдорда олтин моддаси бўлган 4 тонна тоғ жинслари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан А.У. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу туманда қўлбола услубда тошдан олтин моддаси ажратиб олиш цехи фаолияти ошкор қилингани хабар қилинган эди.