Навбат Хоразмга: ИИВ раҳбари бирданига 10 нафар ходимни лавозимидан озод қилди

ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов Хоразмдаги йиғилишда ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун қатор бошлиқларни ишдан бўшатди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Хоразм вилоятида ИИВ фаолиятига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказди ва бир неча раҳбарларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ходимлар ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун ишдан бўшатилган.

Пўлат Бобожонов Қорақалпоғистон ИИВ бўлим бошлиқларини ишдан олди

Вилоят ИИБ Ҳарбий сафарбарлик бўлими бошлиғи Р.Ходжиев, Эксперт-криминалистика бўлими бошлиғи Қ.Ўринов, Хива тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Мадраҳимов ва Ҳазорасп тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи А.Юсупов ва яна 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Хабарда ёзилишича, 2019 йил якунига кўра Хоразм вилоятида содир этилган жиноятлар сони 2,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 0,2 фоизга, шу жумладан қотиллик, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғирлик, транспорт воситалари олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайган.

Вилоятнинг 51 фоиз маҳалласида жиноятлар содир этилмади, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Пўлат Бобожонов Бухоро ва Қорақалпоғистондаги кенгайтирилган йиғилишларда хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун қатор бошлиқларни ишдан олган эди.