Ҳиндистон Ўзбекистонга ядро инфратузилмани ривожлантиришда ёрдам беради

Ўзбекистонда АЭС қурилиши ва лойиҳалаштириш ишлари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда ядро тиббиётини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш борасида таклифлар билдирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Ҳиндистон Ўзбекистонга ядро инфратузилмани ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Ўзатом” матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, “Ўзатом” делегацияси Ҳиндистонга ташриф буюрган. Ташриф билан АЭС қурилиши ва эксплуатацияси тажрибасини ўрганиш ва тегишли вазирлик ва идоралар билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш борасида музокаралар олиб бориш кўзда тутилган.

Россия Ўзбекистонга АЭС қурилиши учун кредит бериши мумкин

Сафар давомида Ҳиндистон ҳукумати ҳузуридаги Атом энергиясини ривожлантириш департаменти тизимига кирувчи тизимлар раҳбарияти ва вакиллари билан атом энергетикаси бўйича турли йўналишларда, жумладан, кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистонда АЭС қурилиши ва лойиҳалаштириш ишлари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда ядро тиббиётини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш борасида таклифлар билдирилди.

“Ҳиндистон томони Ўзбекистон Республикасида миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини ҳам маълум қилди”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон аҳолиси орасида Ўзбекистонда АЭС қурилиши муносабати билан оммавий эшитувлар ташкил қилиниши хабар қилинган эди.