ТОШКЕНТ, 17 фев - Sputnik. Москва АҚШ ва Эрон ўртасида мавжуд зиддиятлар фақатгина мулоқот орқали ечим топилиши тарафдори, Россиянинг Форс қўлтиғида коллектив хавфсизликни таъминлаш концепцияси мана шунга йўналтирилган, деб баёнот қилди Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Stampa нашрига берган интервьюсида.
"Агар сиз жорий йилни бошлаб берган америка-эрон ўртасидаги навбатдаги эскалациялар калавасини назарда тутаётган бўлсангиз, бизнинг бу борадаги позициямиз аён. Биз БМТ Низомига зид бўлган ва минтақада келишмовчиликлар ортишига олиб келувчи ҳар қандай ҳаракатларни қоралаймиз. Пентагоннинг 3 январ куни Бағдод шаҳридаги аэропортга ташкиллаштирган ва оқибатда Ал-Қудс махсус кучлари қўмондони, эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига олиб келган ҳужуми, халқаро ҳуқуқнинг ўта қўполлик билан бузилишидир”, - деди вазир.
У шунингдек, бу фуқаро аэропорти бўлганини эслатиб ўтди. "Шундай экан, яқинда Шри-Ланкага ташрифим давомида айтган гапларимни қайтараман: америкаликларнинг ушбу ҳаракатлари – қолипга сиғмайди», - деб қўшимча қилди Лавров.
"Россия мавжуд зиддиятлар фақатгина мулоқот давомида, музокаралар столи атрофида ҳал этилиши тарафдори. Ўтган йили ёзда тақдимоти ўтказилган Россиянинг Форс қўлтиғида коллектив хавфсизликни таъминлаш бўйича концепцияси мана шунга йўналтирилган. Қатор давлатлар томонидан илгари сурилаётган бир-бирига қарши бўлиш схемаларидан фарқли равишда, биз минтақага конструктив, бирлаштирувчи кун тартибини тақдим этмоқдамиз, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш механизмларини шакллантиришга чақирмоқдамиз", - деди Лавров.
Москва позициясига кўра, "ушбу ташаббуснинг изчиллик билан давом эттирилиши, Яқин Шарқдаги вазиятни соғломлаштириш бўйича муҳим қадам бўлиб, у ерда ўзаро ишонч архитектурасига асос солишга имкон берарди".