Тошкентда ишга тушаётган илк светофорсиз йўл ўтказгич тирбандликнинг ечими бўлади

Тошкентнинг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент, Махтумқули ҳамда Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечимининг қурилиш ишлари тез орада ниҳоясига етказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Ҳозирда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Кўприкқурилиш трести” УК томонидан олиб борилаётган мазкур йўл ўтказгич қурилиши ишларининг 90 фоизидан ортиғи бажарилган. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, яқинда Тошкентнинг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент, Махтумқули ҳамда Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечимининг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилади.

Ушбу йўл ўтказгичнинг қурилиш ишлари  2018 йилнинг май ойида бошланиб, лойиҳа мамлакатдаги илк уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади.  

Унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши осон бўлади, тирбандликларнинг олди олинади. 

Шунингдек, Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. 

Уч қаватли йўл ўтказгич қандай кўринишга эга бўлади ?

Туннел кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳа иккинчи поғонасида эса 2 та умумий диаметри 329, 2 метрдан иборат  бўлган халқасимон йўл ўтказгич бўлади. 

Учинчи поғонадаги умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичлар Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғлайди. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч девордан иборат.

Мутахассисларга кўра, тез орада лойиҳадан ўрин олган барча қурилиш ишлари якунланиб, уч поғонали транспорт ечими фойдаланишга топширилади.