Июнь ойига қадар "Умра сафари"га 100 мингдан зиёд ўзбекистонликлар юборилади

Умра сафарига жорий навбатларни тугатиш мақсадида, 10 март санасидан Тошкент-Мадина-Тошкент йўналишида қўшимча 3-рейс йўлга қўйилиши режалаштирилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 фев - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистонда умра сафарига шу кечаю-кундузда 200 мингдан зиёд талаб бор. 22 июньга қадар юз мингдан ортиқ фуқаролар Умра зиёратига олиб борилади, деди журналистларга сешанба куни бўлиб ўтган брифингда дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов.

Умра: Тошкент-Мадина биринчи чартер авиапарвозлар йўлга қўйилди

Комилов умра масалалари илгарилари муайян чекловларга эга бўлгани, 2017 йилга қадар йилига 6 минг атрофида фуқаролар умра зиёратига борганликлари, 2017 йилдан ушбу кўрсаткич 10 мингтага чиқарилганини ва сўнгра Ўзбекистон президентининг ташаббуслари билан умра зиёрати бўйича квоталар олиб ташланганини эслатиб ўтди.

"2020 йилнинг 10 мартидан бошлаб фуқароларимизнинг умра сафарига бориш истакларини тўлақонли бажариш учун қўшимча 3-рейс ҳам амалга оширилади. Биринчи февралдан кунлик рейсларнинг биттаси Мадина шаҳрига, яна биттаси Жидда шаҳрига амалга оширилмоқда. Учинчи рейс ҳам халқимиз истаги асосида Мадина шаҳридаги халқаро аэропортга қўндирилади", - деб аниқлик киритди Комилов.

Таъкидланишича, дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республика ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилган. Ҳозирги кунда аксарият вилоятларда, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасида жорий навбатлар тугатилган.