ХМТ: мажбурий меҳнат Ўзбекистон учун ўтмишда қолди

“Cotton Campaign” халқаро коалициясининг таъсисчиларидан бири Фриман мажбурий меҳнатга барҳам беришга, Миллий комиссия томонидан бу масала бўйича “йўл харитаси”ни бажариш чораларини, шунингдек фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик бўйича саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 фев - Sputnik. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ҳамкорлиги мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласи доирасидан чиққан, бу масала Ўзбекистон учун ўтмишда қолди, дея эътироф этди ХМТ бош директори ўринбосари Хайнц Коллер, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати матбуот-хизмати.

Босқичма-босқич пахта ва ғалла бўйича давлат режасини бекор қилиш муҳокама қилинди

Хайнц Коллер бу ҳақда Тошкентда ўтказилган "Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнат" мавзусидаги халқаро давра суҳбатида айтиб ўтган. Тадбирда Ўзбекистондаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек "Cotton Campaign" халқаро коалицияси вакиллари иштирок этган.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда аҳолининг муносиб иш билан бандлигини, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни, аграр секторни такомиллаштиришни, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига ўтишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан пахта етиштиришда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мониторинги якунлари муҳокама этилиб, бунда Ўзбекистоннинг пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан мунтазам фойдаланиш тугатилганлиги қайд қилинган. Пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йилдан бекор қилиш қарори ҳам ижобий қабул қилинган.

Ўзбекистонда пахта теримини механизациялаш жадаллаштирилади

БМТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзернинг фикрича, ижтимоий-иқтисодий соҳада, аҳоли, айниқса ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, қашшоқликни йўқ қилиш масаласида мамлакат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек ҳаёт ва фаолиятнинг барча соҳаларида фуқаролик жамиятининг фаол иштироки учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига жавоб беради.

"Cotton Campaign" халқаро коалициясининг таъсисчиларидан бири Б.Фриман мажбурий меҳнатга барҳам беришга, Миллий комиссия томонидан бу масала бўйича "йўл харитаси"ни бажариш чораларини, шунингдек фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик бўйича саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолаган.

Ҳозирги вақтда Миллий комиссия томонидан халқаро ташкилотлар билан биргаликда давра суҳбатининг якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, дейилади хабарда.