ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори 14 январь куни қабул қилинди.
Унга кўра биринчи босқичда (2020 – 2022 йиллар) Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида, иккинчи босқичда (2023 – 2026 йиллар) республиканинг қолган ҳудудларида пахта ҳосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жорий этиш жадаллаштирилади.
Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш амалиёти 2020 йилда сақлаб қолинади.
“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги ташкилотларга истисно тариқасида тендер ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар сотиб олишга, транспорт хизматлари ва бошқа хизматлар бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди.
Шунингдек, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилишда товарлар эркин муомала (импорт) учун чиқаришнинг божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚС тўлашни 270 кун кечиктириб амалга оширишга рухсат берилди.