UzAirways ва UzAirports: 2020 йил мамлакат авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади

"Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” қўшма баёнот берди. Унда сўнгги йилларда мамлакат авиация соҳасида қандай ўзгаришлар бўлгани ва келажакда қилиниши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълум қилишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. 2020 йил мамлакат авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади, дейилади 2019 йилнинг октябрь ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қайта ташкил этилиши натижасида ташкил этилган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” қўшма баёнотида.

“Барчага маълумки, сўнгги 30 йил давомида мазкур соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмади. Бунинг оқибатида эса жиддий муаммолар тўпланиб қолди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва мутлақо рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги ортидан у монополия тамойиллари асосида ривожланди. Тарифларнинг юқорилиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатининг пастлиги ҳам айнан шунинг натижасидир. 2020 йил мамлакатимиз авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади деб умид қиламиз”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, сўнгги уч йилда авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига  кўтариш бўйича мамлакат фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

еспубликага қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди.

UzAirways ва UzAirports: 2020 йил мамлакат авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади

2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда, “Очиқ осмон” режими жорий этилган. Таъкидланишича, “Очиқ осмон” режими жорий этилиши бирданига мамлакатга хорижий рейслар сонининг ортиши ва парвозлар оқимининг юқори суръатларда кўпайишида асосий омил бўлиб ҳисобланмайди.

"Ислоҳотлар натижаси қани?": Мирзиёев Ўзбекистон ҳаво йўлларини танқид қилди

“Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалага оширишни ташкил этиш юзасидан “Turkish airlines”, “Isra air”, “Garuda”, “Аэрофлот”, “ИрАэро”, “S7”, “Якутия”, “SCAT” ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, “Очиқ осмон” режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Крсаноярск, Олмота, Нур-Султон, Ақтау йўналишларида  парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

Қолаверса, аэропортлар ҳолатини яхшилаш режалаштирилмоқда. UzAirways ва UzAirports қуйидаги йирик лойиҳалари ҳақида маълум қилди:

  • Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагининг қурилиши .

Аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1,5 минг нафарга қадар кўтарилиши кутилмоқда.

  • Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш

Лойиҳа Германиялик мутахассислар иштирокида амалга оширилади. Натижада йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади.

  • Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши;
  • Андижон аэропортининг реконструкция қилиниши

Бу барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини яратиб, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 бараварга ортишига олиб келади.

“Ушбу чора тадбирлар эса ўз навбатида хорижий авиаташувчилар ўртасида мамлакатимиз авиация соҳаси жозибадорлигини оширишга хизмат қилади”, - дейилган хабарда.

Белгиланган тадбирларни илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда сифатли бажариш мақсадида Жаҳон Банки экспертлари жалб этилган. Улар республика авиация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишади.

Шунингдек, авиация соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш, мамлакат ички йўналишлари ва Марказий Осиё минтақаси йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани эслатиб ўтилган.