Ўзбекистонда 150 мингта уйларга қуёш электр станциялари ўрнатилади

Мамлакатда 2021-2023 йилларда 150 мингта хусусий уйларга ҳар бирининг қуввати 2 кВт бўлган фотоэлектр станцияларини ўрнатиш дастури устида иш олиб борилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Энергетика вазирлигида Жаҳон банкининг (ЖБ) делегацияси билан музокара ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда энергетика соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик масалалар муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, мамлакатда 2021-2023 йилларда 150 мингта хусусий уйларга ҳар бирининг қуввати 2 кВт бўлган фотоэлектр станцияларини ўрнатиш дастури устида иш олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, баҳор ва куз мавсумида автоном энергия таъминоти бўйича мақсадли дастурларни (электр, иссиқлик ва биогаз) ишлаб чиқиш учун республиканинг 33 потенциал қишлоқ ва чекка ҳудудлари аниқланган.

Ўзбекистонда қуёш электр станцияларини барпо этиш бўйича иккинчи тендер ўтказилади

Энергетика вазирлиги ЖБ билан корпоратив бошқарувни жорий этиш, корхоналарни тижоратлаштириш ва энергетика соҳасида тариф ислоҳотларини амалга ошириш каби устувор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлар мавжудлиги ҳам таъкидлаган.

Учрашув давомида томонлар, шунингдек, нефть-газ саноатини ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. ЖБ ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг бориши ва углеводородларни қазиб олишдан то якуний истеъмолчиларгача бўлган барча ишлаб чиқариш жараёнларини ўзида мужассамлаштирган бош режа  ишлаб чиқиш мақсадида  йиғилиш ўтказишни таклиф қилди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги ЖБ таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (ХМК), шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан 2025 йилга қадар қуввати 2 ГВт бўлган фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича салоҳиятли инвесторни аниқлаш юзасидан тегишли ишларни олиб бормоқда.