ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Халқаро молия корпорацияси ( IFC) билан биргаликда фотоэлектр (қуёш) электростанциялар қурилиши бўйича тендер савдоларининг иккинчи босқичини тайёрламоқда. Улар Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қурилади.
Қуёш электростанциялар қурилиши бўйича “Scalingsolar II” лойиҳаси доирасидаги тендер савдоларининг иккинчи босқичини ташкил этиш шу йилнинг 7-8 январида вазирликда муҳокама қилинди.
Учрашувда IFC номидан Жаҳон банки қошидаги Халқаро молия корпорациясининг инвестициялар бўйича бош мутахассиси Атлан Бернар, Ўзбекистон томонидан эса Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий ҳамкорлигини (ДХҲ) ривожлантириш бўйича агентлик вакиллари иштирок этди.
“Музокараларда “Scalingsolar II” доирасида Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 200 МВт га тенг бўлган иккита фотоэлектр станцияси (ФЭС) қурилиши бўйича битта лотга тендер эълон қилиниши кутилмоқда. Тендер савдолари 2020 йилнинг биринчи чорагида эълон қилиниши кутилмоқда”, - дейилган Энергетика вазирлиги хабарида.
Тендер комиссияси халқаро тендернинг биринчи босқичи ғолиби деб БААнинг “Masdar” компаниясни эълон қилган эди, бунда тариф ишлаб чиқилган электрэнергиянинг 1 кВт.с учун 2,679 АҚШ центини, қурилиш муддати эса 12 ойни ташкил этади.