Ўзбекистонда Хитойдан келган фуқаролар тиббий текширувдан ўтказилмоқда

Айни пайтда коронавирус инфекцияси жиддий фазага кўтарилган. Сўнгги маълумотларда вафот этганлар сони 170 нафардан ошгани келтирилмоқда. Ушбу касаллик 16 та давлатда тарқалган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Ўзбекистон Хитойдан келган фуқаролар тиббий текширувдан ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги ўн кун ичида ана шундай текширувлар натижасида Хитойдан келган фуқароларнинг 59 нафаридан вирусологик текширув ўтказиш учун намуналар олинган. 19 нафар шахс эса Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ташкил этилган бўлимга мурожаат этган ва тиббий назоратдан ўтказилган.

ТИВ Ўзбекистон фуқароларига Хитойга боришдан тийилиб туришни қатъий тавсия этди

“Шу ўринда айтиш керакки, айни пайтга қадар уларнинг биронтасида ҳам коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган. Бундан ташқари, Хитойдан келган фуқаролар яшаш манзили бўйича оилавий поликлиникалар тиббиёт ходимлари ва эпидемиологлар томонидан 14 кун давомида назоратга олинмоқда”, - дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги томонидан грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ҳам мониторинг олиб борилмоқда. Натижаларга кўра, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар бўйича ўтган йилга нисбатан бирмунча мавсумий кўтарилиш кузатилган бўлса-да, ушбу касалликлар бўйича ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Хитойда тарқалаётган янги турдаги коронавируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш масаласида йиғилиш ўтказгани ва ҳар бир ташкилотларга муайян топшириқлар бергани хабар қилинган эди.