ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Тошкент вилояти Қибрай туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 4574-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Кластер ўз ичига қуйидагиларни ташкил этишни қамраб олади:
- Фармацевтика техник университети;
- инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш майдонларидан иборат саноат зонаси.
Қарор билан кластернинг ҳамда университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Жумладан, университет дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлайди.
Қарор билан кластерни ташкил этиш бўйича концепция ҳамда амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Концепцияга кўра, кластерни ташкил этишдан мақсад республикада фармацевтика фанини ривожлантириш, фармацевтикада таълим тизимини такомиллаштириш, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш ҳисобланади.