Туркиядаги кучли зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқаролари жабрланмаган – ТИВ

Туркиянинг Малатя ва Элязиғ шарқий провинцияларида ҳалокатли зилзила содир бўлди. Бунинг оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Туркиядаги кучли зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган. Бу ҳақда ТИВ мамлакатнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга асосланиб хабар қилди.

Туркияда кучли зилзила юз берди - ҳалок бўлганлар сони тобора ошмоқда

“2020 йилнинг 24 январь куни Туркиянинг шарқида содир бўлган кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, вазият элчихона ва Истанбул шаҳридаги бош консулхона назорати остида.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Анқара шаҳридаги элчихонасига (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.