ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Туркиядаги кучли зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган. Бу ҳақда ТИВ мамлакатнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга асосланиб хабар қилди.
“2020 йилнинг 24 январь куни Туркиянинг шарқида содир бўлган кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, вазият элчихона ва Истанбул шаҳридаги бош консулхона назорати остида.
Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Анқара шаҳридаги элчихонасига (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.