ТОШКЕНТ, 26 янв – Sputnik. Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган 10 нафар ўзбекистонликнинг жасади Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда ТИВ мамлакатнинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси маълумотига асосланиб хабар қилди.
Қайд этилишича, 2020 йил 26 январь куни эрталаб HY-668 рейси билан ТИВ, ИИВ ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Томск вилояти Асино тумани Причулимский посёлкасида жойлашган ёғочли уй ёниши натижасида ҳалок бўлган 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари жасадлари Тошкент шаҳрига етказилган.
“Қолган икки нафар марҳум жасадлари ДНК таҳлили натижалари аниқлангандан кейин юборилади”, - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқаролари ишлаган “Гринвуд” МЧЖ ўрмон кесиш компанияси директори ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари томонидан қўлган олинган.