Хавфли вирус сабаб бокс бўйича Хитойдаги турнир бекор қилинди

Жорий йилнинг 3-14 февраль кунлари Хитойнинг Ухань шаҳрида бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа ўтиши белгиланган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Бокс бўйича Хитойда ўтадиган Токио-2020 лицензион турнири бекор қилинди.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, 3-14 февраль кунлари Хитойнинг Ухань шаҳрида Осиё-Океания қитъалари учун бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа ўтиши белгиланган эди.

“Афсуски, ушбу ҳудудда ҳаёт учун хавфли коронавируснинг тарқалиши сабаб лицензион турнир бекор қилинди”, - дейилган хабарда.

Таъкидланишича, Халқаро Олимпия қўмитаси шафелигида ўтадиган мусобақа қачон ва қаерга кўчирилиши борасида янгилик яқин кунлар ичида эълон қилинади.

Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси Уишань шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.