Ўзбекистон Хитойдаги коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирди

Хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди. Ушбу вирусдан нобуд бўлганлар сони ортмоқда. Касаллик Хитой чегарасидан чиқиб, бошқа давлатлар ҳудудларига ҳам тарқалмоқда. Жанубий Корея, Таиланд ва Японияда рўйхатга олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Ўзбекистон Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирди. Бу ҳақда Соғлиқ сақлаш вазирлиги хабар қилди

Қайд этилишича, давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

Грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланган. Шунингдек,  дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди.

“Эпидемияга олиб келиши мумкин”: Шифокор янги ҳалокатли коронавирус ҳақида

“Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида кенг тушунтириш ишлари ўтказилмоқда”, - дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг декабрь охирида куни Хитой ҳукумати мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди.

20 январдаги маълумотга кўра, Хитой ҳукумати ушбу вирус келтириб чиқарган 224 та пневмония ҳолати аниқланганини расмий тасдиқлади. Бу касалликдан нобуд бўлганлар сони тўрттага етган.

Ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кенг жамоатчиликка вирусга қарши курашиш бўйича бир нечта дастлабки тавсияларни бермоқда:

  • қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
  • йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
  • шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
  • тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
  • таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.