ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси 24 январь, жума куни давлат ва нодавлат телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилади. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.
Мурожаатнома МТРКнинг 4 та телерадиоканали (“Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла”), 5 та телеканали (“Маданият ва маърифат”, “Ўзбекистон тарихи”, “Дунё бўйлаб”, “Оилавий”, “Тошкент”) ҳамда 12 та ҳудудий телерадиокомпания орқали эфирга узатилади.
Ушбу муҳим жараённи, шунингдек, 5 та нодавлат телеканал (“MY5”, “Sevimli”, “UzReport”, “MilliyTV” ва “Zo᾽rTV”, президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали ҳам тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин.
Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида мурожаатнома сурдо ҳамда рус ва инглиз тилидаги таржима билан намойиш этилади.
Мурожаатнома эфирга узатилиши вақтига ҳозирча аниқлик киритилмаган.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг парламентга йўллаган учинчи мурожаатномаси бўлади. Мурожаатномада президент ўтган йилни сарҳисоб қилади ва асосий мақсадлар ва Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги ривожланиш йўналишларини белгилайди. Қолаверса, у йил номини эълон қилади.
Аввалроқ Сенат раиси Танзила Нарбаева 2020 йил ёшларни ривожлантириш, ёшларга янада кўпроқ шароит яратиб бериш йили бўлишини маълум қилган эди.