ТОШКЕНТ, 20 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк мажлисидаги ўз нутқида, депутатларни қонунларни номигагина кўриб чиқиб, бир овоздан маъқуллаш амалиётидан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.
“Ҳақиқат баҳс ва тортишувларда туғилади. Ҳар бир депутат маълум бир соҳага оид қонун қонун қабул қилишда албатта, шу соҳанинг мутахассиси сифатида фикр юритишга қодир бўлиши лозим. Чунки сизлар қабул қиладиган қонун ҳужжатлари миллионлаб одамларнинг бутун халқимизнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Халқ ишончини қозонган депутатнинг хато қилишга, ўз зиммасидаги юксак масъулиятни унутишига сира ҳақи йўқ.
Президент ўз нутқи давомида сайловчилар депутатларнинг ташаббус кўрсатиб ўз фикри, қатъий сиёсий иродасини намоён этишини кутаётгани, ҳар бир соҳа бўйича қабул қилинган қарор бўйича халқ манфаатлари йўлида мустаҳкам замин яратиш кераклигини таъкидлади.
Иккинчидан, депутатлар муҳокамага киритилган қонун лойиҳаси бўйича ўзининг мустаҳкам позициясини кўрсатган тақдирдагина сайловчилар ишончини оқлай олади” -дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари ўтган чақириқда палатага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиётининг йўлга қўйилганлигини маъқуллади.
“Бу жуда маъқул амалиёт. Шундан сўнг 400 дан зиёд қонун лойиҳасидаги мингга яқин нормалар фуқароларимиз билдирган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Мисол учун касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятлари институтлари билан биргаликда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди” дейди Мирзиёев.
Бундан ташқари президент депутатларни қонунларни номигагина кўриб чиқиб, бир овоздан маъқуллаш каби эски амалиётдан воз кечишга, қонунларни жиддий ва батафсил муҳокама қилишни ўрганишга чақирди.