ТОШКЕНТ, 10 янв – Sputnik. 2020 йил 10 январ куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Украинанинг Тошкент шаҳридаги элчихонасига ташриф буюрди.
"ТИВ раҳбари ўринбосари 2020 йил 8 январ куни “Украина халқаро авиалиниялари”га тегишли Боинг-737 самолётнинг Эрон ҳудудида авиаҳалокатга учраши оқибатида инсонларнинг қурбон бўлгани муносабати билан самимий таъзия изҳор этди ва Элчихонада очилган Ҳамдардлик китобига қайд киритди", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Теҳрон аэропортидан осмонга кўтарилган "Украина халқаро авиалиниялари" компаниясининг Boeing-737 йўловчи самолёти бир неча дақиқадан сўнг ҳалокатга учради. Самолётда бўлган 170 нафар йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Йўловчиларнинг аксарияти Эрон фуқаролари бўлишган – 140 киши. Шунингдек, улар орасида Украина, Канада, Германия, Буюк Британия, Швеция ҳамда Афғонистон фуқаролари ҳам бўлишган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Украина ва Эрон президентларига ҳамдардлик мактубларини йўллаганди. Телеграммада Ўзбекистон президенти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этган.