Собиқ дипломат давлатга хоинликда айбланди

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи К. Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. Ўзбекистон Ҳарбий судида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси(давлатга хоинлик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат К. Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди, деб хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Ўзбекистонда 3 нафар ватан хоинлари фош этилди

Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинган. ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи К. Юсупов давлатга хоинлик қилиш жиноятини содир этганликда айбли деб топди.

Судланувчига нисбатан жазо чорасини тайинлашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, К. Юсуповга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.