ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Бугун, 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов вилоят сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи ва компенсация тўловлари ҳалигача берилмагани ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, сайлов комиссиялари аъзоларига ойликлар ҳали-ҳам тўланмагани тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига маълумотлар келиб тушмоқда.
"Бу масалани ҳал қилган эдик. Сайловга 10 кун қолганида барча ҳудудларга етарли миқдорда маблағларни ажратган эдик. Қандай қилиб шу кунгача ойликларини олмасликлари мумкин. Бу ёки давлат сиёсатига қарши қилинаётган иш, ёки сайловларнинг обрўсини туширишга ҳаракат, деб ўйлайман. Барча вилоят мутасаддилари бу масалани охирига етказиши лозим" - деди МСК раиси.
Абдусаломов вилоят сайлов комиссиялари раислари бу масалани зудлик билан ҳал қилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.