ТОШКЕНТ, 4 янв - Sputnik. Тошкент шаҳар жамоат транспорти автобус ва метрополитен йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, дастлабки босқичда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автобуслар электрон тўловларни қабул қилувчи мобил валидаторлар билан таъминланган. Стационар валидаторларни автобус электрон тизимига интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 3 январдан махсус транспорт тўлов карталари сотувга чиқарилди. Тўлов карталарининг нархи 11 000 сўмни ташкил этади. Ҳар бир картага олдиндан бир марталик тўлов миқдори юкланган. Карта орқали бир марталик йўл ҳақи 1 400 сўм.
Пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу тизимни йўлга қўйиш бўйича ташкилий масаллар ҳал этилмоқда. Бир нечта давлат идоралари ўртасида маълумотлар базасини ўзаро интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу янги тизим бир неча босқичда амалиётга тўла жорий этилиши кўзда тутилган. Унга қадар эса шу кунгача йўловчилар фойдаланиб келган ойлик йўл чипталари, жетонлар ҳамда шаҳар жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқини берадиган гувоҳномалар жамоат транспортларида тўлов сифатида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ягона транспорт картаси пайдо бўлиши ҳақида хабар қилган эдик. Ягона транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда янги автоматлаштирилган тўлов тизими билан барча турдаги жамоат транспортида фойдаланиш мумкин: автобуслар, Тошкентдаги метро, Самарқанддаги трамвай, Хоразмдаги троллейбус ва ҳоказо.