Ўзбекистон. 2019 йил: ортга йўл йўқ!

2019 йил ҳам Ўзбекистон учун анчайин серташвиш, сер­ғалва, серҳосил кечди. Асосийси, булар ўтган йилларда бошланган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.
Sputnik

Сиёсатдаги изчиллик барибир фуқарода ишонч ва умид уйғотади. Ҳар ҳолда ишлар пала-партишлик билан бошланмаган экан, ҳар ҳолда улар чуқур ўйлаб қилинган, уларни амалга оширишга мақсад, муҳими сиёсий ирода бор.

Албатта, 2019 йилда Ўзбекистон иқтисодида улкан ўзгаришлар бўлди, пул ва банк тизимларида қатор қонунлар қабул қилиниб, пул муомаласи тартибга солинди.

Ҳоким ўринбосарини ёқиб юбормоқчи бўлган тадбиркор шартли равишда озодликка чиқарилди

Бироқ, жамиятдаги асосий ўзгариш бу эмас. Йилнинг энг муҳим ўзгариши бу – давлат фуқарони эшитишни бошлади. Албатта, Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайланганидан буён халқнинг, фуқаронинг дардини эшитишга эътибор қаратади, президент амалга ошираётган сиёсатнинг асосий мағзи ва мезони ҳам шу. Шунга қарамай, бу йилдан давлат фуқаро дардини нафақат эшитмоқда, балки сиёсатни шакллантиришда унинг фикрини эътиборга ола бошлади. Буни "снос"лар ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласида ҳам кўриш мумкин

Дарвоқе, "снос"лар ва уларга қарши чиқишлар ҳам табиий ҳол эди. Амалга оширилаётган бунёдкорлик сиёсати, қурилишлар, хоҳлайсизми, йўқми, кимнингдир манфаатига тажовуз қилмасдан қўймасди. Ошкоралик, очиқлик сиёсати эса буни омма эътиборига олиб чиқиши табиий эди.

Бу давлат сиёсатида яна бир янги кўринишни юзага келтирди: ҳокимлар дахлсизлигига путур етди. "Ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди", деган мақол ҳам эскира бошлади. Ниҳоят ҳокимлар катта бошини кичик қилиб, бўйин эгиб узр сўради. Албатта, негадир халқдан эмас, блогер ва журналистлардан узр сўрашди. Шундайям, бу илгари мисли  кўрилмаган ҳолат. Ҳокимият халқ фикри билан ҳисоблашмоқда.

Ўзбекистонда блогерлар рейтинги эълон қилинди

Бу ўз навбатида, халқ дардини баён этаётган яна бир  манбаа сифатида блогерларни расмий даражага олиб чиқди.

2019 йилда ўзбекларни юз йиллардан бурун қийнаб келаётган масалани ҳал қилишга киришилди: тўйларни тартибга солишмоқчи бўлишди. Бироқ 100 йиллик муаммони ҳал қилиш учун бирдан қарор чиқаришдан чўчишди, аввалига тор доирада муҳокама қилинди, сўнг халқ муҳокамасига ташланди. Кейин, Сенат даражасида қарор қабул қилинди. Шунда ҳам кучга киришини 2020 йилга қолдиришди. Демак, бу халқ ҳаёти учун жуда муҳим ва нозик соҳа.

Президент янги авлодни тарбиялашга қаттиқ киришди

2018 йил Ўзбекистонда том маънода ўқитувчилар йили бўлган эди. Бу йилда ҳам шунинг давомини кузатиш мумкин бўлди. Икки йилдан буён Ўзбекистон таълимнинг сифатини ошириш устида ишламоқда.

Умуман, Ўзбекистонда ёшлар масаласи ҳар доим долзарб бўлган. Яқинда Ёшлар иттифоқини Агентлик сифатида қайта ташкил этилиши мумкинлиги ҳақидаги таклифлар ҳам бунинг исботи. "Иттифоқ"дан фарқли ўлароқ "Агентлик" давлат ташкилотини ифодалашини эътиборга олсак, бу сиёсат замирида нима ётганини англаш қийин эмас.

Президент жамият маънавий ҳаётини тартибга солиш бўйича бешта ташаббусни ўртага ташлади: китобхонлик, мусиқа, санъат ва  спортга қизиқишни ривожлантириш, компьютер саводхонлигини ошириш ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш.

Беш ташаббус бироз расмий тус олган бўлса-да, барибир ёшларнинг ҳаётида, қизиқишларида ўзгариш қилишга бўлган ижобий уриниш бўлди. Бунинг ҳосили – натижасини келаси йиллар кўрсатади. Ҳозирча эса китоб ўқиганларнинг тўрт-беш нафари автомобиллик бўлиб қолди.

Дарвоқе хотин-қизлар масаласи!

Йил бошида аёлларнинг ўз фарзандларига нисбатан шафқатсиз муносабатлари, уларни сотиш, ўлдириш ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳақида хабарлар тез-тез кўзга ташланаётган эди. Давлат шуларни эътиборга олди, Ўзбекистонда 2019 йилда хотин-қизлар бўйича бирдан иккита қонун қабул қилинди. Гендер тенглик масаласи тобора кўпроқ жаранглай бошлади.

Қонунчилик ҳақида гап кетар экан, ўзбекистонликларни дастлаб бироз чўчитган "Қурол тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Фуқаро хавотир билан кутганига қарамай, қонун жамият ҳаёти учун жиддий таъсир кўрсатмади. Маълум бўлдики, қонун қурол борасида бирон-бир янгиликни олиб кириш учун эмас, балки амалдаги татиб-қоидаларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Мирзиёев: биз ҳеч қачон ортга қайтмаймиз

Жаслиқдаги колониянинг ёпилиши мамлакат ҳаётидаги жиддий ўзгариш, янгиланиш эпкинининг рамзи сифатида қабул қилинди.

Дарҳақиқат, мамлакатда инсон ҳуқуқини таъминлаш масаласи 2019 йилда кун тартибида бўлди.

Давлат ташқи сиёсатини ҳам изчил давом эттирди. Толибонлар билан музокаралар Афғонистондаги тинчликни таъминлашга уринишлардан бири бўлди. Айниқса, яқин қўшничилик сиёсати устувор бўлиб қолмоқда. 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви буни яна бир бор исботлади. Ахир бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш ҳақида Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида илгари сурган эди.

Йилнинг сўнгги чораги шубҳасиз, сайловларга бағишланди. Аввалгиларига ўхшамайдиган, деб айтилаётган сайлов партиялар орасидаги тортишувлар тарзида кечгани учунми, бунда беш партиянинг беш раҳбаридан бошқа яққол шахслар кўзга ташланмади. Унинг ҳосиласини эса кейинги беш йилда аниқ бўлади.

Асосийси, 2019 йил бутун Ўзбекистон бўйлаб қурилиш ва ободончилик ишлари фаол давом этди. Президент аввалги йилларда Ўзбекистонда урбанизацияни тезлаштириш, қишлоқларни обод қилиш, шаҳарлар юзини ўзгартириш ҳақида гапирган эди. Бу йўлдаги ишлар аллақачон янги босқичга кўтарилди.

Қолганини эса кўраверамиз! Ахир президент 2019 йилда ҳам ортга йўл йўқлигини таъкидлади. Албатта, бу давлатнинг очиқлик сиёсати ҳақида айтилди. Аслида ҳаммаси шу – очиқликдан кейин келади-да.