ТОШКЕНТ, 30 дек – Sputnik. Жорий йилнинг 30 декабр куни 18 ёшли йигит пақилдоқдан жиддий жароҳат олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани, Қумовул ҚФЙда яшовчи, 2002 йилда туғилган С. А. пиротехника воситаси қўлида портлаши оқибатида жиддий жароҳат олган. У пақилдоқни ишлатаётиб, ўз уйида бўлган.
Йигит зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо олган жароҳати жиддийлиги боис, “тез ёрдам” машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг жонлантириш бўлимига олиб кетилган.
Жароҳат туфайли у “Чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилиши, тўринчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Шифокорлар шу заҳотиёқ жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишган, айни пайтда даволаш муолажалари давом этмоқда.