Ўзбекистон президенти ёшларга мурожаат қилди

Ўзбекистон раҳбари ёшларга глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружларга қандай қарши туриш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 дек - Sputnik. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, дея таъкидлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви чоғида.

Ёшлар ва хотин-қизлар манфаатлари: Мирзиёев беш ташаббус бўйича йиғилиш ўтказди

Президент ўз чиқишида регионларда 8 нафар ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинланганини эслатиб ўтган. Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қиз сайланган, маҳаллий кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 %ини ёшлар ташкил этади.

"Ёшлар орасида "Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!", деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир. Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, – дея таъкидлаган Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ёшларга глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружларга қандай қарши туриш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берган. Президент ўзбек замонавий адабиётини асосчиларидан бири - маърифатпар Абдурауф Фитратнинг "Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир", деган сўзларини ёдга олган.

Соф ислом ақидаси: Қаршида Абу-л-Муин Насафий ижодига бағишланган халқаро анжуман бошланди

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинган. Ўзбекистонда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги айтиб ўтилган.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилган.

Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббуси йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Ўсиб келаётган авлод аудиториясига йўналтирилган теле- ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, "Ёшлар медиа холдинги" ташкил этиш таклифи ҳам билдирилган.