Фарғонада “Nexia” автобус билан тўқнашди - 4 киши ҳалок бўлди

Фарғонада 2 та “Nexia” автомашинаси ҳамда “Isuzu” автобусининг тўқнашиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлганлиги айтилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Фарғонада 2 та  “Nexia” автомашинаси ҳамда “Isuzu” автобусининг тўқнашиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлганлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати маълум қилди.

Тошкентдаги йирик ЙТҲ оқибатида 10 киши жароҳат олди

Қайд этилишича, ҳодиса 2019 йилнинг 26 декабрь куни соат тахминан 19:30 ларда Фарғонанинг Олтиариқ тумани ҳудудида содир бўлган. “4P112 Фарғона-Қўқон” халқа йўлининг 241 км.да 2 та “Nexia” русумли автомашиналари ва “ISUZU” русумли автобуси тўқнашиб кетган.

Дастлабки маълумотга кўра, автобус ичида ҳайдовчи билан бирга жами 9 нафар шахслар бўлганлиги айтилади.

Автобус билан тўқнашган “Nexia” русумли автомашина салонидаги 4 нафар йўловчилар эса олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.