ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Тошкент шаҳрида тўртта автомобиль иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Унинг оқибатида 10 киши жароҳатланди.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, ЙТҲ Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида 25 декабрь тўртта автомобиль — “ГАЗ 3302”, “Damas”, “Lacetti” ва “ВАЗ 2106” иштирокида юз берган.
Маълум қилинишича, ЙТҲ оқибатида “ВАЗ 2106” ҳайдовчиси ва унинг тўрт нафар йўловчиси,”Lacetti” ҳайдовчиси ва унинг уч нафар йўловчиси, шунингдек, “Damas” йўловчиси турли даражадаги тан жароҳатлари олган ва шифохонага етказилган.
Хабарда ЙТҲга “Lacetti” ҳайдовчиси, 20 ёшли Т.М.нинг Бунёдкор — Байналминал кўчаси бўйлаб катта тезликда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Машина бетон тўсиқни ошиб ўтиб, қарама-қарши йўлга ўтиб кетган ва учта машина билан тўқнашган.
Ҳозирда терговолди ҳаракатлари давом этмоқда.