Бозор яқинида ва ер ости йўлларида маҳсулот сотиш тақиқланади – ҳукумат қарори

Ер ости йўлларида, кўприкларда, автомобиль йўлларининг қатнов қисмларида, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида cотиш тақиқланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Ўзбекистонда хусусийлаштиришда бозор иқтисодиётига мос тизимга ўтилади

Ҳужжат Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори (15-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида қуйидаги мазмундаги 42 кичик банд билан тўлдириш таклиф этилган:

“42. Товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) ер ости йўлларида, кўприкларда, автомобиль йўлларининг қатнов қисмларида, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида cотиш тақиқланади”;

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари (61-модда)нинг 13-бандини қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“товарлар (маҳсулотлар) ва хизматларни бозорга кириш ва чиқиш йўлакларида, бозор ҳудудидаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида сотиш тақиқланади”.