МСК: соат 18.00га қадар 68,7 % киши овоз берди

Марказий сайлов комиссияси сайловларда маҳаллий вақт соат 18.00 га қадар иштирок этган сайловчиларнинг дастлабки рақамларини эълон қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Марказий сайлов комиссияси Раиси ўринбосари Махмуд Истамов маҳаллий вақт соат 18.00 га қадар иштирок этган сайловчиларнинг дастлабки рақамларини эълон қилди.

Сергей Лебедев сайлов жараёни ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди

Жойлардан ҳозирги пайтга қадар олинган маълумотларга кўра Ўзбекистон ҳудудидаги 18 797 810 нафар сайловчилардан 12 922 429 нафари ёки 68,7 фоизи овоз берди.

“Ҳозирга қадар овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги, шунингдек Россия Федерациясининг шимолидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида якунланди. Ушбу сайлов участкаларида овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланган.

Бошқа хорижий мамлакатларда тузилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда”, - деди раис ўринбосари.

У хорижий давлатлардаги сайлов участкаларида 1,6 миллиондан ортиқ сайловчилар рўйхатга олинганини таъкидлади.

“Қарийиб 2 соатдан сўнг, яъни соат 20.00 да мамлакатимиз ҳудудидаги 10.260 та сайлов участкаларининг барчасида сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари тўлиқ якунланади ва натижаларни аниқлаш жараёни бошланади”, - деб қўшимча қилди Истамов.