Ичакдаги героинлар: ДБҚ 5,5 кг дан зиёд гиёҳванд моддасини мусодара қилди - фото

Тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг. 739 гр.дан ортиқ героин ҳамда опийни ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган 7 нафар наркокурьерлар қўлга олинган. Улардан тўрттаси героинни йўғон ичакларида олиб ўтишга уринишган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 дек - Sputnik. Божхоначилар йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олишди.

Божхона қўмитаси хабарига кўра, “Тошкент” халқаро аэропортида хорижий давлатга парвози олдидан 4 нафар хорижий давлат фуқаролари – М.Т., С.М., Я.А. ва Н.Н.ларнинг  қўл юклари ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилган.

Уларнинг хатти-ҳаракатлари ва безовталанишлари эропортдаги божхона постига ўрнатилган инсон тана аъзоларини сканерловчи “Body scanning” қурилмаси орқали кўздан кечирилишига сабаб бўлган. Қурилма ушбу йўловчиларнинг йўғон ичак каналларида ёт жисмлар борлигини кўрсатган.

Ойдинлик киритиш мақсадида ушбу шахслар Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келиниб, шифокорлар томонидан холислар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилган.

Кўрик натижасида уларнинг ички аъзоларига махсус ўрамлар яширилганлиги аниқланди ва чиқариб олинди.

“Экспертиза хулосасига кўра, 4 нафар наркокурьерларнинг ички аъзоларида яширилган жами 268 та ўрамлар ичида умумий вазни 4 кг. 152,52 гр.ни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.

Ичакдаги героинлар: ДБҚ 5,5 кг дан зиёд гиёҳванд моддасини мусодара қилди - фото

Қайд этилишича, Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ҳам яна бир наркокурьер қўлга олинган.  М.М.исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Почта наркотрафиги: ўзбекистонликлар номига келган гиёхванд дори-воситалари фош қилинди

Шунингдек, божхоначилар “Тошкент” халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.нинг қинғир режасини фош этишган. Шахс ўз ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситасини яширган. Шундан сўнг унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги хорижий давлат фуқароси Қ.Р.ҳам ушланган.

Тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг. 739 гр.дан ортиқни ташкил этувчи героин ҳамда опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьерлар ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқаролари қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлар қўзғатилиб, тергов органига юборилди.