ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Ички ишлар органларида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда Ўзбекистон Россия Федерацияси ИИВ билан ҳамкорлик ўрнатган. Бу ҳақда АОКА агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
2019 йилнинг 19 декабр куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ички ишлар органларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда маълум қилинишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан 81 нафар тингловчилар Россия Федерацияси ИИВнинг 12 та олий таълим муассасасида таҳсил олмоқда.
Шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича академия ўндан ортиқ Халқаро полиция академиялари ҳамда университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган.
“Биргина Россиянинг ўзида Краснодар университети, Барнау, Кикотя номидаги университетлари билан шартномамиз бор. Бундан ташқари бевосита Беларусия билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилган. Яқинда Арманистон билан ҳам худди шундай шартнома имзоланди.
Шу шартномалар асосида курсант ва ходимларимиз чет элларга бориб улар тажрибасини ўрганиб қайтишмоқда ва бевосита ўз иш фаолиятида қўллашмоқда”, -дейди ИИВ Академияси Ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабев Мухторов.