ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Ҳукумат фармойиши билан Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.
Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.
Бугун, 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод линиясида қурилиш ишлари олиб борилаётган очиқ участкада авария ҳолати юз берди.
Бош вазир биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов шахсий назорати остида хизмат текшируви ўтказилмоқда. Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларининг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда.