Япония Ўзбекистонга Орол фожиасини бартараф этишда ёрдам бермоқчи

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санжар Валиев Япония Ўзбекистонга экологик муаммоларни бартараф этишда ёрдам бермоқчи эканини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санжар Валиев Япония Ўзбекистонга экологик муаммоларни бартараф этишда ёрдам бермоқчи эканини маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

“Япония Ўзбекистонга Орол денгизи фожиаси каби экологик муаммолар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бермоқчи”, - деди у.

Оролбўйида инновация ва технологиялар ҳудуди ташкил этилади

Валиевнинг сўзларига қараганда, Япония ҳукумати мамлакатда инновация ва юқори технологияларни ривожлантиришда ҳам кўмаклашмоқчи.

Валиев Япония Марказий Осиёда, аввало Ўзбекистонда энергетика ва саноат инфратузилмаларини ривожлантиришга қизиқиш билдираётгани ва Ўзбекистонни минтақадаги муҳим ҳамкор сифатида кўришини қайд этди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган Орол денгизи 1960 йилга қадар ҳудуди бўйича дунёнинг энг йириклари орасида тўртинчи бўлган. Сўнгги 55 йилда орол ҳудуди деярли уч баравар қисқарди, сув сатҳи 29 метрга пасайди ва сув ҳажми эса 15 карра камайди, унинг тузланганлик даражаси ошиб, балиқлар эса нобуд бўлди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Нукусда Оролбўйи муаммоларига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Беларусь ва Қозоғистондан етакчи мутахассис-экспертлар ҳамда БМТ ва ЕИ вакиллари иштирок этди.