Ўрта тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши мумкин

Йиллик айланма маблағи 1 млрд.сўмдан 3 млрд.сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари ўрта бизнес тоифасига киритилади ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади - дейилган ҳужжатда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек – Sputnik. “Ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилади

“2020 йилнинг 1 апрелидан ўрта тадбиркорлик (бизнес) субъектлари тоифасига мулк шаклидан қатъи назар, кичик корхоналар учун йилига белгиланганидан ортиқ, лекин ишлаб чиқариш соҳасида 100 дан 150 нафаргача, қурилишда 70 дан 100 нафаргача, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларида, улгуржи савдода 30 дан 40 нафаргача, чакана савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа ишлаб чиқаришдан ташқари соҳаларда 20 дан 30 нафаргача иш билан банд ходимга эга бўлган ўрта корхоналар киради;

ўрта корхоналар одатда хом ашё ва материалларни дастлабки қайта ишлаш, кичик ҳажмли, лекин кўп меҳнат талаб қиладиган бутловчи маҳсулотлар, жиҳоз ва асбоб-ускуналар, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари ишлаб чиқариш соҳаларида, шунингдек, сервис хизмати ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида барпо этилади;

кичик бизнес субъектлари учун барча имтиёз ва преференциялар ўрта тадбиркорлик (бизнес) субъектларига татбиқ этилади.

йиллик айланма маблағи 1 млрд.сўмдан 3 млрд.сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари ўрта бизнес тоифасига киритилади ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади”, - дейилган ҳужжатда.

Ҳужжат 27 декабргача муҳокама қилинади.