ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган. Унга кўра, 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуни 15-моддасининг иккинчи қисми чиқариб ташлаш назарда тутилган.
Қонуннинг 15-моддаси (Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг моддий ва ижтимоий таъминоти) иккинчи қисмида “Махсус унвон берилган шахслар белгиланган нормалар бўйича бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланадилар”, - дейилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада “Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси тайёрлангани ҳақида хабар бергандик.
Лойиҳада “2020 йил 1 июлдан бошлаб адлия органи ва суд ҳокимияти ходимлари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари, шунингдек, давлат солиқ хизмати махсус унвонларни (мартаба даражалари) бериш тартиби бекор қилинади” дейилган.