Сенатнинг 25-ялпи мажлисида қайси масалалар кўриб чиқилиши маълум бўлди

Мажлисда сенаторлар мамлакат демократик тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда муҳим масалаларни муҳокама қиладилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиcи 14 декабрь куни чақирилади. Тегишли қарор Сенат Кенгашининг навбатдаги мажлисида қабул қилинди.

“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилади

Ялпи мажлисда сенаторлар  “Солиқ кодекси тўғрисида”ги,  “Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунларни муҳокама қилишади.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан мамлакатнинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни муҳокама қилади.  

Қайд этилишича, Сенаторлар Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқадилар.