Ўқитувчиларни лицензиялаш тартиби қандай амалга оширилади - ХТВ жавоби

2021 йилнинг 1 январь санасидан Ўзбекистонда ўқитувчиларни лицензиялаш тизими жорий этилиши кутилмоқда. Халқ маорифи мутасаддилари сўзларига кўра, бу тизим болаларни ҳимоялаш ва дарслар сифатини яхшилаш мақсадида амалга оширилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Ўзбекистонда жорий этилиши кўзда тутилаётган лицензиялаш тизими жаҳон амалиётида кенг тарқалган. Бу амалиётга кўра, лицензия - чет давлатларда педагогни мактабга ишга қабул қилишнинг энг асосий талабларидан бири ҳисобланади, деди Sputnik мухбирига Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров.

Фарғонада ўқувчига қўл кўтарган ўқитувчи маъмурий жавобгарликка тортилди

"Бундай талаблар Америка Қўшма Штатларининг ҳар бир штатида, Жанубий Кореяда, Японияда, Бирлашган Араб Амирликларида мавжуд. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Биз бу тўғри ёндашув, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, тизимнинг ўзи мактабда дарс жараёнига жалб этиладиган педагог учун юқори планкани қўйиши шарт. Болалар бизнинг келажагимиз. Шу боис бизга мактабларга сифатли дарс берадиган педагоглар келиши жуда муҳим", - дея изоҳ берди ХТВ вакили.

Таъкидланишича, ўқитувчилар малакасини белгиловчи ҳужжатнинг ишчи номи "лицензия" бўлгани билан, бу ном ўзгариши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳозирда қандай номлаш ҳақида муҳокамалар кетяпти.

"Лицензия номи кўпчиликка негадир унчалик мақбул бўлмаяпти. Эҳтимол бу тизим ўқитувчини ишга қабул қилиш учун махсус касбий имтиҳон деб аталиши ҳам мумкин. Бу тизимни бирданига барча ўқитувчилар учун жорий қилмаймиз. Халқ таълими вазирлиги соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида бу кўрсаткичлар келтириб ўтилган. 2021 йилда бу тизим соҳанинг 5%ини қамраб олинча, 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 15-25%га етказишни режалаштирганмиз", - деди Умаров.

Шавкат Мирзиёев: "Ўқитувчи касби дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб"

Мазкур касбий имтиҳондан ўтишни хоҳловчилар учун қатор имтиёзлар берилиши кутилмоқда. Энг аввало бу маошнинг кўтарилиши.

Ва биринчи имтиҳон бепул бўлиши қўшимча қилинди.

"Агар ўқитувчи 2-5-10 марта имтиҳонга келадиган бўлса, имтиҳонни пулли қилишга эҳтимол тўғри келар. Имтиҳонга келган ўқитувчилар ўз таълим предметлари бўйича тест топширадилар. Иккинчи босқичда ўқитувчига бир нечта мактабларда очиқ дарслар ўтиб бериш таклифлари берилади. Шу тарзда унинг педагогик маҳоратига баҳо бериш мумкин. Учинчи босқичда ўқитувчи психологик тест топширади. Бу тестлар орқали ўқитувчининг бу соҳага руҳан тайёр эканлигини билиб олишни режалаштирганмиз. Чунки баъзан ўқитувчиларимиз ўз касбий этикасини бузишаётгани сингари ҳолатларга дуч келмоқдамиз", - деди Умаров.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон халқ таълими тизимидаги 466 462 нафар ўқитувчидан 3,1 %и олий малака, 14,6 %и биринчи малака, 29,4%и иккинчи малака тоифасига эга.