Мирзиёев Рустам Эмомалини қабул қилди

Рустам Эмомали Мирзиёевга Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Қайд этилишича, икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Тошкент ва Душанбе муносабатларни янада ривожлантиради

Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатлар пойтахтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шаҳарни бошқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, "йўл харитаси" асосида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш каби йўналишларда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тошкентга келгани ва Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашгани хабар қилинган эди.