Эндиликда Тошкентдаги иссиқлик таъминоти учун ким жавобгар

Шавкат Мирзиёевнинг янги қарори билан Тошкентда иссиқлик таъминоти тизими бўйича янгича тартиб жорий этилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 дек - Sputnik. Эндиликда Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт иссиқлик таъминоти тизимини бошқариш фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унинг лозим даражада ишлаши учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Бу президент имзоланган қарорда кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари тегишли ҳудудда иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш соҳасида қуйидагилар учун шахсан жавобгар ҳисобланади:

Газ ўзимизники, хонадонлар эса совуқ - нима қилмоқ керак?

- истеъмолчиларга иссиқлик энергияси ва иссиқ сув узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

- иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг квартиралар ички ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичлари, истеъмолнинг норматив ҳажмлари ва квартиранинг иситиладиган майдони ўлчами асосида ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлашга, шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишига кўмаклашиш;

- иссиқлик таъминоти тизими объектларининг ҳолати, фойдаланилиши ва уларга таъмирлаш хизмати кўрсатилиши устидан назоратни таъминлаш;

- иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши ва ўрнатилишини, шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан уларнинг пломбаланишини ташкил этиш;

- иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳар туманлари ҳокимларининг иссиқлик таъминоти тизимини бошқариш соҳасидаги фаолияти самарадорлигини йилига камида икки маротаба баҳолайди. Шунингдек, масъул шахсларга нисбатан белгиланган тартибда рағбатлантириш ёки жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

Эслатиб ўтамиз, 25 октябрдан пойтахтда иситиш мавсуми бошланган.