Танзила Нарбаева Сенат йиғилишида журналистлар ҳақида алоҳида тўхталди

Бугунги кунда ўз фаолиятини очиқлик асосида олиб бораётган ОАВ вакиллари танқидларини тўғри қабул қилиш керак, деди Сенат раиси.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 ноя - Sputnik. Бугун бутун дунё Ўзбекистонни қайта кашф қилаётган вақтда, биргина қўпол ҳаракатимиз билан барча бунёдкорлик ишларини йўққа чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Этика ва муомала маданиятига қатъий амал қилишимиз керак, деди Ўзбекистон Сенати 24-ялпи мажлиси очилишида сўзлаган нутқида Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Ортиқхўжаев сўзларида реал таҳдид йўқ – Бош прокуратура хулосаси

Нарбаеванинг ушбу чақириғи ўзининг хулқи билан интернет тармоқларида шов-шувларга сабаб бўлаётган амалдорларга қаратилган эди.

"Мамлакатни янада ривожлантириш биздан янгича ёндашувларни, биринчи навбатда ҳокимият фаолиятининг шаффофлигини, ошкоралигини талаб қилмоқда. Раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятимизнинг барча соҳаларидаги очиқлик, бугунги кун талаби. Бошқа йўлимиз йўқ ва биз бунга кўникиб, ишларимизни ишларимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз даркор", - деди Нарбаева.

Сенат раиси ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам амалдорларнинг биргина қўпол ҳаракати ёки ножўя гапи туфайли "йўқ"қа чиқиши мумкинлигини эслатиб ўтди. "Шу боис, бугунги кунда ўз фаолиятини очиқлик асосида олиб бораётган ОАВ вакиллари танқидларини тўғри қабул қилиш керак", деди Сенат раиси.

Нарбаева шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларга айнан журналистлар ҳукумат эътиборини қаратмоқда, улар нафақат муаммоларни қайд этмоқда, балки уларнинг ечими борасида янги, ностандарт ечимларни таклиф қилмоқда.

Шу боис, барча бўғиндаги раҳбарлар, халқ билан, журналистлар билан мулоқотни одат қилишлари керак, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилмоғимиз шарт, дея ўз фикрини якунлади Сенат раиси.