Жамшид Уринов бизнес-омбудсмен вазифалари ва Мирзиёевга топшириладиган ҳисоботлар ҳақида

Бизнес-омбудсмен ўринбосари Ўзбекистон тадбиркорларини 2020 йилда кутаётган янгиликлар ҳақида ҳам қисқача тўхталди. Таъкидлашича, ҳозирда тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя - Sputnik. Ўзбекистонда бизнес омбудсменга ўтган давр мобайнида 5 мингдан ошиқ мурожаатлар келиб тушган, деди Ўзбекистон президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Уринов Халқаро Пресс Клубнинг навбатдаги, тадбиркорлик масалаларига бағишланган сессиясида.

Тошкент бизнес марказга айлантирилади

"Шундан тўрт мингдан ортиғи ҳал қилинган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 500 га яқин таъсир чоралар қўлланилган. 77 ҳолатда 37 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилган", - деди Уринов.

Ўзбекистонда омбудсмен институтининг ташкил этилишига нима туртки бўлди, деган саволга жавоб берар экан, суҳбатдош илгари ҳам тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тузилмалар бўлгани ва улар ҳозир ҳам борлигини, бироқ булардан фарқли равишда бизнес-омбудсменнинг муҳим бир жиҳати - у президент ҳузурида ташкил қилингани ва фақат президентга бўйсуниши, фақат президентга ҳисобот беришини таъкидлади.

"Ишда фақат конституция ва қонунларга бўйсунамиз, ҳеч қайси давлат органи олдида биз ҳисобдор эмасмиз", - деб қўшимча қилади Уринов.

Бизнес-омбудсмен ўринбосарининг айтишича, тузилма ташкил этилган кундан бошлаб, тадбиркорларни кутиб ўтирмаймиз, деган бир ғояни шиор қилиб олган.

Ўзбекистон БААнинг тўғри бизнес юритишдаги тажрибасини ўрганади

"Қачон биза шикоят қилишаркин, қачон ким муаммосини кўтариб келишини кутиб ўтирмаймиз. Бизлар ўзимиз борамиз. Республикамизда бирорта туман қолмади бизнес-омбудсмен вакиллари кириб бормаган. Шу пайтгача 60 мингдан ортиқ тадбиркорлар билан учрашдик. Улар томонидан кўтарилган масалалар имкони бўлган жойида бир оғиз гап билан ҳал қилинди", - дейди суҳбатдош.

Ўтган давр мобайнида бизнес-омбудсменга 5 мингдан ошиқ мурожаатлар келиб тушган. Шундан 4 мингдан ортиғи ҳал қилинган. 77 ҳолатда 37 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилган, шундан 30 миллиард сўмлик қисми судлар томонидан кўриб чиқилиб, даъво аризалари қаноатлантирилган.

"Президентга ҳисоботлар мунтазам равишда олиб кирилади, мен ойда бир марта ёки икки марта ҳисоб бераман, деб айтолмайман. Чунки зарурат ҳар хил бўлади", - дейди Уринов.

Замонавий ўзбек аёли бизнес-леди бўлиши керак - Сайёра Ходжаева

Уриновнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда тадбиркорларни назорат қилувчи 39га яқин орган мавжудлигини айтади.

"Уларнинг устидан турли хил шаклларда мурожаатлар тушаяпти", - дейди у.

Тадбиркорлар орасида энг кўп учрайдиган муаммолар ҳақида тўхталар экан, Уринов, улар уч тоифага бўлинишини қайд этади. Биринчиси, аксарият тадбиркорларни ер масаласи аксарият қийнашини айтади. Иккинчи масала – пул масаласи. "Тадбиркорларга умуман дунё бўйича пул керак, пул бўлганда ҳам арзон шакли керак. Банкларимиз белгиланган ставкадан паст пул ажратадиган бўлса, ўзига зарар бўлади. Бизни назаримизда улар ҳам тадбиркорлик субъекти", - дея тушунтиради бизнес-омбудсмен ўринбосари.

Тадбиркорларни олдида турган учинчи масала – бу коммуникация, яъни тармоқларга уланиш - газ, свет, сувга оид масаладир.

Ер масаласига тўхталар экан, бизнес-омбудсмен ўринбосари иқтисодиёт ривожланиши билан ерга бўлган эҳтиёж пасайиб кетишини прогноз қилади.

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг кўкрагига шамол тегади

"Мана, Apple, "Амазон" ёки Alibaba компанияларини олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқатда, уларни "старти" учун жой керак бўлган, лекин улар бугун интернетда шу даражага етгунига қадар ишларини оддий дўкондан бошлашган. Бугун булар дунёдаги энг бой компаниялар ҳисобланади. Шу боис, вақти келиб бизларда ҳам ерга бўлган эҳтиёж бугунгидек бўлмай қолади. Биз бора-бора ердан самарали фойдаланишни ўрганамиз", - деди Уринов.

Бизнес-омбудсмен ўринбосари Ўзбекистон тадбиркорларини 2020 йилда кутаётган янгиликлар ҳақида ҳам қисқача тўхталди.

"Ҳозирда тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш устида ишлаяпмиз. Тадбиркор иш ўрни беради, давлат иқтисодини ривожлантиради. Тадбиркорликка эҳтиёж бор экан, биз фуқароларимизга шу истакни амалга оширишга имконият беришимиз керак. Ҳозирда эркинлик яратилаётган қонунлар устида ишланаяпти", - деди ўз сўзи якунида Уринов.