“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилади

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Давлат солиқ хизмати махсус унвонларни бериш тартиби бекор қилинади

Ҳужжат Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган. Унга кўра, 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуни 15-моддасининг иккинчи қисми чиқариб ташлаш назарда тутилган.

Қонуннинг 15-моддаси (Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг моддий ва ижтимоий таъминоти) иккинчи қисмида  “Махсус унвон берилган шахслар белгиланган нормалар бўйича бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланадилар”, - дейилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада “Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси тайёрлангани ҳақида хабар бергандик.

Лойиҳада “2020 йил 1 июлдан бошлаб адлия органи ва суд ҳокимияти ходимлари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари, шунингдек, давлат солиқ хизмати махсус унвонларни (мартаба даражалари) бериш тартиби бекор қилинади” дейилган.