Афғонистонлик яна бир гуруҳ ёшлар таълим олиш учун Ўзбекистонга келди

Афғонистонлик ёшлардан 119 нафари Ўзбек тили ва адабиёти, 18 нафари Акушерлик ва ҳамшира иши ҳамда 10 нафари Ер усти транспорт тизимлари ва эксплуатация, локомотив ва вагонлар иши таълим йўналишларида ўқишади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя - Sputnik. Олий маълумот ва ва малакали мутахассис бўлиш истагидаги 147 нафар афғонистонлик ёшлар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Афғон делегацияси "Ҳайратон" чегара постида тантанали кутиб олинди, деб хабар қилмоқда ОТВ матбуот-хизмати.

Афғонистонлик Асила: Ўзбекистонга келиб тинчлик нималигини ҳис этдим

Афғон ёшлари президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган таълим марказида таҳсил олишади.

Уларнинг 119 нафари Ўзбек тили ва адабиёти, 18 нафари Акушерлик ва ҳамшира иши ҳамда 10 нафари Ер усти транспорт тизимлари ва эксплуатация, локомотив ва вагонлар иши таълим йўналишларида ўқишади, деб таъкидланган хабарда.

Талабаларга машғулотлар олиб бориш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясидан профессор-ўқитувчилар жалб этилган.

Меҳмонларни кутиб олиш маросимида Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхонов, АИР Термиз шаҳридаги консули С.Сакандарий, АИР Олий таълим вазирининг ўринбосари А.Ҳошимий, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ва бошқалар иштирок этган.