ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
“2020 йилдан бошлаб 5 март куни “Спорт куни” деб эълон қилинсин”,- дейилган ҳужжатда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар турли оммавий тадбирлар, спорт мусобақалар, фестиваллар, марафонлар ва бошқа тадбирларни мос тарзда, тантанали равишда ўтказишни таъминлаши белгиланган.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларига “Спорт куни”ни нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.
Ҳужжатга жисмоний тарбия ва спортни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва 2020 йилда амалга ошириш бўйича йўл харитаси илова қилинган.
Ҳужжат 7 декабргача муҳокама қилинади.