Тадбиркорлар аҳолидан нақд пул қабул қилишда онлайн-назорат касса машинасини қўллайди

Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар давлат солиқ хизматлари органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, нақд пул тушумига эга тадбиркорлар аҳолидан нақд пулни қабул қилишда президентнинг фармони  билан тасдиқланган графикда белгиланган муддатга қадар онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ихтиёрий, ушбу муддат тугагач мажбурий равишда ўтадилар (истисно ҳолатлар мавжуд).

ҚҚС ўзгариши туфайли тадбиркорлар биринчи навбатда нима қилишлари керак

Қарор билан, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фақат белгиланган тартибда давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга рухсат этилади.

Тадбиркорлар давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ҳамда техник хизмат кўрсатиш марказларини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга.

Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар давлат солиқ хизматлари органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.