ТОШКЕНТ, 23 ноя - Sputnik. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат органлари ва ОАВ ҳамкорлиги борасида айтган фикрларига изоҳ берди.
22 ноябрь куни ўтказилган қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон раҳбари давлат органи раҳбарларининг ўзи бошқариб турган идора обрўси учун масъулияти, шунингдек, раҳбарлар халқ ва ОАВ билан мулоқотда ўзларини камтарин тутишлари лозимлиги, ҳар бир қарорни қабул қилишда қонунга таяниш кераклигини таъкидлаган эди.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс ўзининг Твиттердаги саҳифасида: "Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда ОАВга нисбатан бўлаётган таҳдидларни қоралаётгани ва ўзининг ОАВ эркинлиги бўйича қарори қатъий эканлигини яна бир карра таъкидлаганини эшитиб хурсанд бўлдим. Журналист ва блогерлар хавфсизлиги, улар ўз ишларини эркин амалга оширишларини таъминлаш демократия ва очиқликнинг янада кенг тараққий этишига имкон яратади", - деган фикрларни ёзиб қолдирган.