ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. Ўзбекистон фанлар академиясининг Микробиология институти ва “Green biotech” МЧЖ ҚК инновацион компанияси “Fosstim” ва “Rizokom” деб номланган кучли биоўғит ва биостимуляторларнинг янги авлодини яратди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар қилмоқда. Уни тажрибавий ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Жорий йилда мазкур биоўғитлар буғдой экинларида синовдан ўтказилиб, кутилгандан ортиқ ижобий натижалар олинди: кимёвий ва минерал ўғитлар сарфи қисқарди, тупроқ ва ўсимликларнинг фосфорланиш, шўрланиш, метатоксин билан ифлосланиш даражаси пасайди ва шўрланган ерларнинг унумдорлиги кўтарилди ҳамда атроф-муҳит ҳолати яхшиланди; суғориш сувининг сарфи 30 фоизга камайди ва бунда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги 30-50 фоиз кўпайди. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг оширилишига олиб келди.
Мазкур лойиҳани молиялаштириш учун 9,6 млрд. сўм инвестиция киритилган бўлиб, ишланмадан кутилаётган йиллик даромад эса 7,5 млрд. сўмни ташкил қилади.
Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ўрнатилди. Бунинг учун хорижий инвестор 1,7 млрд. сўм ҳажмида инвестиция киритди ва ойига 1000 литр биоўғит ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, маҳсулотни тижоратлаштириш жараёни бошланди.
Таъкидланишича, экологик жиҳатдан хавфсиз бўлган биоўғитлар ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши комплекс курашиш хусусиятга эга бўлиб, дунёда унинг муқобили мавжуд эмас. Кимёвий моддалар ўрнига микроорганизмлар ва биологик технологиялар асосида яратилган биоўғитлар қишлоқ хўжалигида пестицидлардан фойдаланишни бартараф этади, тупроқ унумдорлигини оширади, ўсимликлар касалликлари ва зараркунадаларига қарши курашади.